Янгиликлар
Тадбиркор – элга мададкор
Жиззах вилоятининг Пахтакор туманида хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлаш, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, интеллектуал салоҳиятини ошириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка жалб этиш масалаларига бағишланган семинар бўлиб ўтди.
"Обод турмуш йили" Давлат дастури ижроси доирасида ташкил этилган тадбирда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагида бўлган аёллар, касб-ҳунар коллежини битирган қизлар иштирок этди.
Семинарда Президентимиз раҳнамолигида хусусий тадбиркорлик, айниқса, хотин-қизлар ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш, уларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада кенг имконият ва шароитлар яратилаётгани, қатор имтиёзлар берилаётгани таъкидланди.
– Жорий йилнинг ўтган даврида аёллар иштирокида тадбиркорликка оид юзга яқин турли учрашув ва семинарлар ўтказилди, – дейди Пахтакор тумани бандликка кўмаклашиш маркази директори Муҳаббат Ўролова. – Бу саъй-ҳаракатлар самарасида туманда тадбиркорлик билан шуғулланаётган хотин-қизлар сафи ортиб бормоқда.
“Обод турмуш йили” Давлат дастури асосида вилоятнинг барча туманларида “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик – янги иш ўринлари очиш ва барқарор даромад манбаларини яратишнинг энг муҳим омили”, “Тадбиркорлик асослари” мавзуларида семинар-тренинглар ташкил этилмоқда.