Bog'lanish

Telefon
(372) 223-53-58

Elektron manzil
jizzax@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni1008

Янгиликлар

01

АКТ – тараққиёт омили


Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимизда миллий ахборот-коммуникация тизимини янада ривожлантириш, давлат маҳаллий бошқарув органларида ахборот алмашуви ва ҳисоботларни қабул қилишнинг электрон шаклини жорий этиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ортиқча қоғозбозлик ва харажатларни камайтириш баробарида аҳолининг турли хизматлардан фойдаланиш имкониятини кенгайтирмоқда.

Жиззах вилоятидаги давлат ва хўжалик бошқаруви органларида 175 Е-ХАТ ягона ҳимояланган электрон почтаси ва 2 минг 500 “е-Hujjat” электрон ҳужжат айланиш тизими жорий қилинди. Бу тизимда ишлаш бўйича шаҳар ва туман ҳокимликлари ижроия идоралари учун иш жойидан ажралмаган ҳолда фойдаланиш имконияти яратилди.

– Ҳокимликлар ижроия идорасига юқори ташкилотлардан келадиган ҳужжатлар, фуқароларнинг мурожаатлари, қуйи идораларга юборилган топшириқларнинг барчаси компьютердаги махсус дастур бўйича автоматик тарзда рўйхатга олинмоқда, – дейди вилоят “Компьютерлаштириш маркази” давлат унитар корхонаси раҳбари Толиб Эргашев. – Ушбу дастур барча ҳужжатларга амалдаги қонун талаблари асосида назорат карточкалари ҳамда автоматлаштирилган тартибда йиғма таҳлилий маълумотлар тайёрлайди. Дастурдаги “Ижро назорати” ахборот тизими ижро муддати яқинлашгач, тегишли масъул ходимга эслатма бериб туради. Мазкур тизим ҳужжатларнинг назоратсиз қолиб кетмаслиги ва ўз муддатида ижро этилишини таъминламоқда.

Таъминотчи корхоналар, банклар ва фермер хўжаликлари билан ҳисоб-китоб ишлари, қарздорликларни мониторинг қилиб борадиган “Агро-кредит”, “Агро-иқтисод” ахборот тизимлари ишга туширилиб, 144 корхона ва уларнинг шохобчалари ушбу тармоққа уланди. Натижада хўжалик бошқаруви идораларида, шаҳар ва туман ҳокимликларида қоғозбозлик, расмиятчилик, ортиқча ҳужжатлар айланиши, асосланмаган ҳисоботлар, заруратсиз йиғилишларга чек қўйилмоқда.

Ахборот алмашишнинг электрон шакли ҳар бир фуқарога ҳам зарур бўлган алоқа воситасидир. Шу мақсадда вилоят ҳокимлигининг расмий веб-сайти яратилиб, 12 интерактив давлат хизматлари йўлга қўйилди. Эндиликда ҳар бир фуқаро электрон шаклда ҳокимиятга мурожаат қилиши мумкин.

Мамлакатимизда электрон ахборот технологияларидан унумли фойдаланиш учун барча меъёрий ҳужжатлар – “Электрон рақамли имзо”, “Электрон ҳужжат айланиши тўғрисида”ги ва “Электрон тўловлар тўғрисида”ги қонунларнинг мавжудлиги бу борадаги ишлар самарадорлигини оширмоқда. Вилоят давлат солиқ бошқармаси ва унинг туман инспекцияларида интерактив хизмат – электрон имзога эга бўлган солиқ тўловчиларнинг ҳисоботларни электрон усулда жўнатиши йўлга қўйилган. Айниқса, компьютерда ўзбекча дастурнинг қўлланилаётгани аҳолига катта қулайлик туғдирмоқда. Электрон имзоси бўлган тадбиркор, фермер, давлат муассасаси ходими шу йўл билан солиқ, статистика органларига ҳисобот жўнатиши, банкдаги ҳисобрақамидан пул кўчириши, тўловларни амалга ошириши мумкин.

Қишлоқ жойларда интернет хизматларидан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш мақсадида 12 туманда CDMA-450 симсиз тармоғининг станция базалари ўрнатилди. Натижада вилоятнинг энг чекка қишлоқларида ҳам интернет хизматидан фойдаланиш имконияти яратилди. Бу ишда халқаро ташкилотларнинг кўмагидан ҳам самарали фойдаланилаётир. БМТнинг Тараққиёт дастури Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан ҳамкорликда вилоятда амалга ошираётган “Маҳаллий бошқарув тизимини қўллаб-қувватлаш: фуқаролар иштироки ва ҳамкорлик” лойиҳаси давлат маҳаллий бошқарув идоралари билан аҳоли ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Айни пайтда вилоятда БМТ Тараққиёт дастури билан ҳамкорликда замонавий алоқа воситалари, зарур жиҳозлар билан таъминланган учта ахборот хизмати, жумладан, битта “Ягона ойна маркази” фаолият кўрсатаётир.

Жиззах шаҳар ҳокимлиги қошида ташкил этилган “Ягона ойна маркази” ҳокимлик фаолиятининг очиқлигини таъминлаш, жамоатчиликнинг ахборотга бўлган эҳтиёжини қондириш, маҳаллий давлат бошқарув органи тўғрисида жамоатчилик фикрини шакллантиришда яхши самараларга эришмоқда. Ушбу марказ аҳолига интерактив усулда 16 турдаги давлат хизматини кўрсатиб келмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида марказ хизматидан 10 минг нафардан зиёд аҳоли фойдаланди.