Янгиликлар
Маҳалла – жамият кўзгуси
“Шаҳарча, қишлоқ ва овулларда, шунингдек, улар таркибидаги маҳаллаларда ҳамда шаҳарлардаги маҳаллаларда фуқароларнинг йиғинлари ўзини ўзи бошқариш органлари бўлиб, улар икки ярим йил муддатга раисни (оқсоқолни) ва унинг маслаҳатчиларини сайлайди”.
(Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, 105-модда).
Истиқлол йилларида Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар қишлоқ ва маҳаллаларимизнинг қиёфасини тубдан ўзгартириб, аҳоли фаровонлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Жиззах вилояти қишлоқ ва маҳаллаларида ҳам яратувчилик ва бунёдкорлик ишлари изчиллик билан олиб борилмоқда. Обод турмуш йилининг ўтган даврида вилоятда 681 миллиард сўм маблағ ҳисобидан 451,4 минг квадрат метр уй-жой ва ижтимоий иншоотлар барпо этилди. 22 янги массивда намунавий лойиҳалар асосида қурилган 359 уй фойдаланишга топширилди. Қишлоқ жойларда 258,4 километр ичимлик суви, 37,8 километр табиий газ тармоқлари тортилди. 102 километр автомобиль йўллари таъмирланди. Саноат соҳасида 197, қишлоқ хўжалигида 303, хизмат кўрсатиш борасида 628 лойиҳа амалга оширилиб, 34 минг 800 дан зиёд янги иш ўрни яратилди. Ташкил этилган янги иш ўринларининг 69 фоизи қишлоқ жойларга тўғри келаётгани айниқса эътиборлидир.
Амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари натижасида маҳаллалар, қишлоқлар аҳолисининг турмуш фаровонлиги юксалмоқда. Аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, ижтимоий ҳимоялаш ишлари, савдо, маданий ва маиший хизмат кўрсатиш сифати тубдан яхшиланмоқда. “Обод турмуш йили” Давлат дастури асосида янги таълим ва тиббиёт муассасалари, турли инфратузилма иншоотлари, маданият ва спорт мажмуалари фойдаланишга топширилаётир.
– Фуқаролар йиғинининг ҳуқуқий мақоми кенгайтирилиб, маҳаллий давлат бошқаруви органлари ваколатидаги ўттиздан ортиқ вазифалар маҳаллалар томонидан бажарилаётир, – дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими раиси Абдумажид Сатторов. – Жорий йилда қабул қилинган янги таҳрирдаги “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни маҳаллани тўлақонли маҳаллий ўзини ўзи бошқарув идорасига айлантирди. Қонунга ижтимоий қўллаб-қувватлашга муҳтож оилалар, ёлғиз кексалар, пенсионер ва ногиронларни аниқлаш, фуқароларнинг бандлигига кўмаклашиш ҳақидаги нормаларнинг киритилгани фуқаролар йиғини раиси ва уларнинг маслаҳатчилари вазифасини янада аниқлаштирди. Ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, банклар, нодавлат нотижорат ташкилотлари билан биргаликда кам таъминланган оилаларнинг фарзандларига қўшимча моддий ёрдам кўрсатиш бўйича маҳалланинг ваколатлари аниқ белгилаб берилди.
Конституциямизга мувофиқ қабул қилинган янги қонунлар асосида фуқаролар йиғинлари ваколатларининг кенгайтирилаётгани уларнинг ижтимоий, иқтисодий соҳаларни ривожлантиришдаги таъсирини кучайтирмоқда. Фуқаролар йиғинлари қошидаги турли жамоат бирлашмалари, комиссияларнинг фаолияти савдо, хизмат кўрсатиш соҳаларини яхшилашда, одамларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Жиззах шаҳридаги Қипчоқ маҳалласи яқин йилларгача экологик вазият бирмунча оғир ҳудуд ҳисобланар эди. Фуқаролар йиғини кенгаши ҳузуридаги экология ва табиатни муҳофаза қилиш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш комиссиясининг ташаббуси билан атмосферага катта миқдорда зарарли чанг чиқараётган оҳак заводи шаҳардан ташқарига кўчирилди. Комиссия аъзолари томонидан маҳаллада полиэтилен чиқиндиларини қайта ишлайдиган цех барпо этилиб, ушбу иккаламчи хомашёни тўплаш йўлга қўйилди. Кейинги уч йилда маҳалла икки марта шаҳардаги "Энг намунали ободонлаштирилган ва кўркамлаштирилган маҳалла" номига сазовор бўлди.
– Маҳаллалар қошида фаолият юритаётган экология ва табиатни муҳофаза қилиш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш комиссияси самарали фаолият юритмоқда, – дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди шаҳар бўлинмаси масъул котиби Валентин Бобоев. – Комиссия аъзоларининг ташаббуси ва ташкилотчилигида маҳаллаларда ариқлар, қабристонлар, зиёратгоҳлар тозаланиб, кўча ва хиёбонларга, маҳалла марказларига манзарали дарахт ва гул кўчатлари ўтқазилмоқда. "Замонавий маҳалла" лойиҳаси доирасида чиқинди тўплайдиган ускуналар, ирригация ва дренаж қурилмалари ўрнатиш, кўчалар ва йўлакларни таъмирлаш, болалар ўйин майдончаларини қуриш ва реконструкция қилишда ҳам комиссия аъзолари фаол иштирок этмоқда.
Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида ҳам фуқаролар йиғинлари муайян ишларни амалга оширмоқда. Фуқаролар йиғинлари қошида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятининг 201 таянч гуруҳи фаолият кўрсатмоқда. Фуқаролар йиғинларининг жамоатчилик назорати ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича комиссиялари ушбу таянч гуруҳлари билан ҳамкорликда аҳоли ўртасида Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни мазмун-моҳиятини тарғиб қилишда фаол иш олиб бораётир.
Фуқаролар йиғинлари ҳудуддаги маънавий муҳитни яхшилашда қонунда белгиланган ваколатлардан самарали фойдаланмоқда. Жорий йилда шаҳар ва туманларда "Маҳалладан бошланур Ватан" шиори остида туркум маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилди. “Обод турмуш йили” Давлат дастури асосида белгиланган тадбирлар доирасида миллий, диний қадриятлар, маърифий, ҳуқуқий билимлар тарғиботига бағишланган “Энг обод хонадон”, “Энг намунали оила”, касб-ҳунар коллежи ва мактаб ўқувчилари ўртасида “Сиз, Конституцияни биласизми?”, “Ораста қизлар” каби кўрик-танловлар мунтазам ўтказилмоқда.
Фуқаролар йиғинларининг Конституция ва қонунларда белгиланган ваколатларидан самарали фойдаланишига кўмаклашиш мақсадида уларнинг намунавий ҳафталик ва ойлик иш режалари ишлаб чиқилган. Шаҳар, туман ҳокимлари томонидан белгиланган жадвал асосида ҳудуддаги маҳаллаларнинг иш фаолияти бўйича тақдимотлар ўтказилаётир. Шунингдек, ҳар чоракда туман, шаҳар ҳокимликлари ҳамда давлат бошқаруви органлари раҳбарларининг фуқаролар йиғинларида ҳисоботлари эшитиб борилади. Бу фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг давлат бошқаруви идоралари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишининг ёрқин ифодасидир.
Айни кунларда маҳалла фуқаролар йиғини раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловига қизғин ҳозирлик кўрилмоқда. Сайловларда вилоятдаги маҳалла фуқаролар йиғинларига 306 раис ва уларнинг 3 минг нафардан зиёд маслаҳатчиси сайланади. Сайловларнинг демократия, ошкоралик ва холислик тамойиллари асосида ўтишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.