Янгиликлар
Маҳалла – тарбия маскани
Жиззах вилоятининг Жиззах тумани “Қўшбармоқ” қишлоқ фуқаролар йиғинида маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, бандликка кўмаклашиш борасида фуқаролар йиғинлари фаолиятининг самарадорлигини оширишга бағишланган семинар бўлиб ўтди.
Фуқаролар йиғинлари фаоллари, хотин-қизлар қўмиталарининг раислари, диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилари иштирок этган тадбирда Президентимиз раҳнамолигида ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий ҳаётимизда маҳалланинг ролини кучайтиришга қаратилаётган алоҳида эътибор ўз самараларини бераётгани таъкидланди.
Семинарда вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш, гиёҳвандлик, ичкиликбозлик каби иллатларга барҳам бериш, янги иш ўринлари яратиш каби долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди, бу борада “Қўшбармоқ” қишлоқ фуқаролар йиғинининг иш тажрибаси ўрганилди.
Тўққиз мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилаётган “Қўшбармоқ” фуқаролар йиғини ҳудудида иккита замонавий умумтаълим мактаби, мактабгача таълим муассасаси, қишлоқ врачлик пункти, алоқа бўлими, савдо шохобчалари, новвойхона, чойхона, қандолатчилик цехи, сартарошхона ва пойафзал устахонаси ишлаб турибди. Айни пайтда тадбиркорлар томонидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, хизмат кўрсатиш соҳаларида янги лойиҳалар амалга оширилаётир.
Хотин-қизлар, айниқса, касб-ҳунар коллежи битирувчиларини иш билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратмоқдамиз, – дейди мазкур фуқаролар йиғини раисининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси Ҳакима Жалилова. – Касаначилик, тикувчилик билан шуғулланувчи аёллар сафи кенгайиб бораётир. Йиғин қошида оилалар, таълим масканлари билан доимий ҳамкорлик ўрнатиш, аҳоли саломатлигини назорат қилиш, бандликни таъминлашга кўмаклашиш, ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш бўйича махсус гуруҳлар тузилган. Бу гуруҳларнинг фаолияти ҳар ҳафта таҳлил қилиб борилади.
Тадбирда Соғлом бола йилида ёшлар тарбияси билан боғлиқ масалалар бўйича фуқаролар йиғинлари ва улар қошидаги комиссияларнинг ваколатлари ҳам атрофлича муҳокама этилди.