Янгиликлар
Матбуот анжумани
Жиззах вилояти адлия бошқармасида ўтказилган матбуот анжуманига вилоят ҳокимлиги, прокуратураси, ички ишлар, солиқ, божхона бошқармалари, вилоятидаги тегишли давлат бошқаруви, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳудудий тузилмаларининг раҳбар ва масъул ходимлари тадбиркорлар ҳамда оммавий ахборот воситалари иштирок этдилар.
Мамлакатимизнинг мустақил тараққиёти даврида муҳтарам Юртбошимиз раҳбарлигида жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳаларини демократлаштириш ва эркинлаштириш, инсон ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясини янада кучайтириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси барча соҳалар сингари суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишнинг янги босқичини бошлаб берди.
Концепцияда белгилаб берилган устувор вазифалар ижроси юзасидан муҳим қонун ҳужжатлари қабул қилинмоқда.
Шунингдек, жорий йилда қабул қилинган “Рақобат тўғрисида”ги, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунлар, “Статистик, солиқ, молиявий ҳисоботларни, лицензияланадиган фаолият турларини ва рухсат бериш тартиб-таомилларини тубдан қисқартириш тўғрисида”ги, “Ишбилармонлик муҳитини янада тубдан яхшилаш ва тадбиркорликка янада кенг эркинлик бериш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, “Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб этилишини рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонлар нафақат маҳаллий тадбиркорлик субъектларига балки, республикамизда фаолият кўрсатаётган чет эл инвестициялари иштирокидаги барча корхоналарга ҳам том маънода кўмак бўлди.
Матбуот анжуманида Адлия вазирлиги тизимида ташкил этилган янги тузилманинг фаолияти нафақат адлия органлари ролини янада оширишга, шу билан бирга ҳаётимизнинг барча жабҳаларида қонун устуворлигини мустаҳкамлаш, барча давлат органларининг ҳуқуқни қўллаш амалиётида қонунийликнинг сўзсиз таъминланишига хизмат қилиши ҳақида фикр билдирилди.