Янгиликлар
Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаоллиги ошмоқда
Жиззахда вилоят адлия бошқармаси ва “Истиқболли авлод” ёшлар ахборот-маърифат маркази томонидан нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолияти самарадорлигини янада ошириш масалаларига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.
Президентимиз Ислом Каримов томонидан илгари сурилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида таъкидланганидек, юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли демократик ислоҳотлар фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш ва мустақиллигини таъминлашга хизмат қилаётир.
Бугунги кунда Жиззах вилоятида 370 дан зиёд нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолият кўрсатмоқда. Ўзбекистон Республикасининг “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги қонуни асосида, шунингдек, давлат томонидан грант маблағлари билан қўллаб-қувватлаш натижасида касаба уюшмалари, хотин-қизлар, ёшлар, фахрийлар, ногиронлар, фуқаролар йиғинлари, илмий-техник, маданий-маърифий марказларнинг ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал қилишда ҳокимият органлари билан ҳамкорлиги янада фаоллашиб бораётир. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағлари уларнинг фаолиятини кенгайтиришда муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда. Ўтган йили жамоат фонди танловида вилоятдан 40 нодавлат ташкилот ўз лойиҳалари билан иштирок этиб, улардан 14 таси грант соҳиби бўлди.
Грант маблағларидан самарали фойдаланаётган бир қанча ижтимой хизмат кўрсатиш марказлари аҳолининг ижтимоий муҳофазага муҳтож қатламлари, хотин-қизлар, ногиронлар, ёшлар ва одам савдосидан жабрланган фуқароларни ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоялаш борасида салмоқли ишларни амалга ошираётир. Жумладан, нодавлат ташкилотлар томонидан хотин-қизлар ва ёшларни касб-ҳунарга ўргатиш, уларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш каби долзарб масалаларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Масалан, “Қалб нури” маркази вилоятнинг саккиз туманида ўқув курслари очиб, кам таъминлаган оилалар вакиллари бўлган хотин-қизларни тикувчилик, қандолатчилик, пазандалик, сартарошлик касбларига бепул ўқитишни йўлга қўйди. Жиззах шаҳар “Ногиронлар” жамиятининг компьютерга ўргатиш курсида жисмоний имконияти чекланган ёшлар бепул таҳсил олмоқда.
– Анжуманда давлат бошқаруви органлари ва мутасадди ташкилотлар ходимлари томонидан иштирокчиларга нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини тўғри ташкил этиш бўйича батафсил маълумотлар берилгани, айниқса, фойдали бўлди, – дейди вилоят адлия бошқармасининг нодавлат нотижорат ва диний ташкилотлар бўлими бошлиғи Шуҳрат Шерназаров. – Суҳбат давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган кўплаб саволларга жавоб олди.
Баҳс-мунозара тарзида ўтган давра суҳбатида мавзуга доир масалалар атрофлича муҳокама этилди. ННТлар ва давлат ҳокимияти органлари ўртасида ижтимоий ҳамкорликни ривожлантириш, жамоат фондлари, давлат субсидияси ва бошқа маблағлардан самарали фойдаланиш, хотин-қизлар ва ёшларнинг ҳуқуқий маданияти, ижтимоий фаоллигини ошириш бўйича олиб борилаётган ишлар юзасидан фикр алмашилди.