Bog'lanish

Telefon
+998 72 221 50 50

Elektron manzil
jizzax@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni1008

Yangiliklar

12
Меҳнат шартномасини ғайри қонуний равишда бузилишига йўл қўйилмайди

Туман (шаҳар) адлия бўлимларининг ижтимоий тармоғи орқали фуқаро Қ.А.анинг ишга тиклашда амалий ёрдам беришни сўраб қилган мурожаати Дўстлик туман адлия бўлими томонидан ўрганиб чиқилди.

Ўрганиш давомида, “Жиззах сув таъминоти” МЧЖ Дўстлик туман бўлими томонидан фуқаро Қ.А. билан тузилган меҳнат шартномаси ғайри қонуний равишда бекор қилинганлиги аниқланган.

Натижада, туман адлия бўлими “Жиззах сув таъминоти” МЧЖ Дўстлик туман бўлимига қонун ҳужжатларнинг бузилиши, уларнинг сабаблари ва бунга олиб келувчи шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида тақдимнома киритиб, Қ.А.и ишга тикланиши таъминланди.

11
Тадбиркорга эркин фаолият олиб бориши учун амалий ёрдам кўрсатилди.

Янгиобод туман адлия бўлимига Қўшқанд қишлоғида яшовчи фуқаро Сарибоева Дилноза ариза билан мурожаат қилиб, давлат шерикчилиги асосида очилган уй боғчасини жиҳозлаш учун 2020 йил 2 февралда Халқ банки Зомин филиалига кредит олиш учун ҳужжат топширгани, шу вақтга қадар эса натижа бўлмаганини айтиб ўтган. Фуқоронинг кредит олишда амалий ёрдам сўраб қилган мурожати бўлим томонидан ўрганиб чиқилди. Кредит олиш учун барча керакли ҳужжатлар тахт эканлиги, уни ажратишда хеч қандай тўсиқ йўқлиги аниқланди. Дилноза Сарибоевага Халқ банки Зомин филиали томонидан уй боғчасини жиҳозлаш учун 25 000 000 сўм кредит маблағи олди-сотди шартномасига асосан таъминотчи фирма ҳисоб рақамига ўтказиб берилиши таъминланди.


Янгиобод туман адлия бўлими
бош маслаҳатчиси 
Жахонгир Абдухолиқов

10
Заҳирага олинган ер ўз эгасига қайтарилди.

Бугун тадбиркор ва фермерлар ўз фаолиятларини эркин юритишлари учун қанча кўп тўсиқларга учраса бундан давлат ҳам шунча кўп зарар кўради. Шу сабаб уларнинг қонуний манфаатларини тиклаш, оддий қилиб айтганда меҳнати орқасидан нафақат ўз оиласи фаровонлигини таъминлаётган балки бошқаларни ҳам иш билан банд қилаётган юртдошларимизга ҳар томонлама амалий ёрдам кўрсатиш адлия органлари олдида турган энг асосий вазифалардан биридир. 

Мирзачўл туман адлия бўлимига “Қаҳрамон Расул ота” фермер хўжалигининг жами 117,5 гектар ер майдонларини давлат заҳирасига қайтариш тўғрисида қонунчиликка зид равишда қарор қабул қилинганлиги юзасидан мурожаат келиб тушган. Ўрганишлар натижасида қўйидагилар аниқланди. Хусусан, Ер кодексининг 36-моддаси 1-қисми 1-банди ва “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги Қонунинг 32-моддасига асосан ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқидан ихтиёрий воз кечилганида ер участкасига бўлган ҳуқуқларнинг бекор қилиниши ҳамда фермер хўжалигининг тугатишига асос бўлади, “Қахрамон Расул ота” фермер хўжалиги рахбари шикоят аризада қайд этилган ермайдонларини туман ҳокимлиги заҳирасига қайтарилиши тўғрсида ер майдонларидан ихтиёрий воз кечмаган. Бунда, фермер хўжаликларини мақбуллаштиришдаги асосий ҳужжат ҳисобланган Ер кодексининг 24-моддаси 9-қисми, “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги Қонуннинг 33-моддаси 1-қисми ва Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 31 январдаги 22-сон қарори билан тасдиқланган “Фермер хўжалигининг ер майдонини мақбуллаштириш ва уни тугатиш тартиби тўғрисида”ги Низом талабларига эътибор қаратилмаган.

Йиғилган маълумотлар асосида Мирзачўл туман адлия бўлими томонидан туман маъмурий судига “Қахрамон Расул ота” фермер хўжалиги ер майдонини давлат заҳирасига қайтариш тўғрисидаги ҳоким қарорини бекор қилиш юзасидан киритилган даъво аризаси қаноатлантирилди. Ерга меҳр берган фермерлар унинг ҳар қаричидан унумли фойдаланишга ҳаракат қилади. Натижада бозорларимиз тўкинлиги, оилаларимиз фаровонлиги таъминланади.       

Мирзачўл туман

адлия бўлими бошлиғи

Наби Қодиров

09
Ўзимизни ва юртимизни асрайлик!

Бугун бизга ватанпарварлик, фидойилик, меҳрибонлик тушунчалари ҳар қачонгиданда зарур, ҳар кунгиданда керакли. Азал-азалдан қонимизга сингиб келган бу муқаддас ҳислатларни ҳар бир инсон ўзида номоён этмоқлигини яна бир бора исботлаш вақти келди.

Жаҳонни ларзага солган коронавирус сабабли республикамизда юзага келган эпидемологик ҳолатни ҳар бир фуқаро юракдан ҳис этмоқдами???

Ўз навбатида биз ҳам энг аввало ўзимизни, оила аъзоларимизни, қўни-қўшниларимизни, ҳар бир ватандошларимизни огоҳликка чақириб, карантиннинг барча қоидаларига қатъий амал қилишга бурчли эканлигини англатишимиз, бу балои офатга қарши биргаликда курашмоғимиз лозим.

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан ўтказилган таҳлилларга кўра бу касалликка чалинмасликнинг 85 фоизи ўзимизга, 15 фоизи эса тиббиёт ходимларига боғлиқ экан.

Тозаликка, гигиенага тўғри, доимий амал қилиниши бу аввалло ўз соғлиғимизга, коронавирус инфекцияси юқмаслигига кафолат эканлиги ҳақида шифокорларимиз бекорга бонг уришмаяпти.

Ватандошларимизга “Уйда қолинг”, “Биз учун ўзингизни асранг”, “Ниқобсиз юрманг” деб даъват этилаётганлиги бежиз эмас. Ота-боболаримиз “Эр бошига иш тушса этик ечмай сув кечар” деб бежиз айтмаганлар. Бугун бу касаликка қарши курашиш, енгиш учун ҳаммамиз бир бўлишимиз, сабр-тоқат матонатимизни ишга солишимиз шарт.

Президентимиз ва ҳукуматимиз томонидан қабул қилинган адолатли қарорлар билан ходимларга таътил берилиб, иш ҳақи сақланган ҳолда уйда ўтиришлари, китоб ўқишлари, ойнаи жаҳон орқали мароқли кўрсатувларни томоша қилишлари, оила аъзолари билан бирга соғ-саломат бўлишларига шароитлар яратиб берилишига қарамай, баъзи инсонларнинг ношукурлик билан карантин қоидаларига бефарқлик, эътиборсизлик билан зарурат бўлмасада кўчаларда юриши, ниқоб тақишга беписандлик билан қараб, карантин қоидаларини бузиш ҳолатлари ҳам учраб турибди. Улар бу билан ўзларига ва атрофдаги барчага ушбу офат хавф солиши мумкинлигини англаб етмаяпдилар. Шуни алоҳида таъкидлашимиз керакки, мана шундай синовли вазиятда қонун-қоидаларга риоя этмаган фуқарога нисбатан тегишли тартибда жазо муқаррар эканлигини унутмайлик.

Бугун аждодларимизга хос ва мос тарзда бу эпидемиологик вазиятни тўғри баҳолаб, оғир оқибатларини тушуниб, уни барҳам топишида барчамиз бирдек ҳаракат қилайлик!


 Янгиобод туман адлия бўлими

 бош маслаҳатчиси                                                      

Жахонгир Абдухолиқов

08
Давлатимиз ишончи биз билан!

Бугун давлатимиз томонидан қабул қилинаётган барча фармон ва қарорлар мазмун моҳияти асосида биргна манфаат турибди, у ҳам бўлса синовли бу кунларда фуқароларни ҳар томонлама ҳимоя қилиш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш, шунингдек барча соҳаларда енгиллик яратиб имкон даражасида кўмак беришдир.

Президентимиз томонидан 2020 йил 3 апрелда имзоланган “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармон ҳам ана шундай адолат тамойилларини ўзида акс эттирган навбатдаги муҳим норматив ҳужжат бўлди.

Ушбу Фармонга кўра, туристик ва меҳмонхона фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлар шу йил якунига қадар ер ва мол-мулк солиқларини тўлашдан озод этилади. Уларга ижтимоий солиқ ставкаси ҳозирги 12 фоиздан 1 фоизга туширилади. Ушбу имтиёздан соҳада хизмат кўрсатаётган мингдан ортиқ субъектлар фойдаланиш имкониятига эга бўлади.

Шунингдек, карантин даврида ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган якка тартибдаги тадбиркорларга даромад солиғи ва ижтимоий солиқни ҳисоблаш тўхтатилади ва бу имтиёз республикамизда фаолият юритаётган якка тартибдаги тадбиркорларга катта кўмак бўлади.

Тушуми ўтган ойдагига нисбатан камайган кичик бизнес субъектларига айланмадан олинадиган солиқ, ер солиғи, мулк солиғи, ижтимоий солиқ ва сув солиғини тўлаш муддати шу йил 1 октябрга қадар кечиктирилади.

2020 йил 1апрелдан бошлаб эса, юридик шахсларнинг табий газ ва электр энергияси учун олдиндан тўлов мажбурияти амалдаги 100 фоиздан 30 фоизга туширилди.

Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан ёрдам бериш кўлами янада кенгайтирилди. Ҳозирги кунгача тадбиркор олган кредит ставкаси 24 фоизгача бўлганда унинг 8 фоизини жамғарма қоплаб берганг бўлса, эндиликда кредит ставкаси 28 фоизгача бўлганда ҳам унинг 12 фоизини давлат қоплайди.

Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш бўйича қатор чоралар белгиланиб, шу йил якунига қадар ун, ўсимлик ёғи, гўшт ва сут маҳсулотлари, шакар, гигиена воситалари каби асосий истеъмол товарларини импорт қилишда божхона божи вқа акциз солиғи ундирилмайди. Шунингдек жорий йил март-июнь ойларида муддати тугайдиган болали оилаларга нафақа, икки ёшга тулгунга қадар бола парвариши нафақаси ва моддий ёрдамларни тўлаш учун қўшимча марожаат ва ҳужжатлар талаб этилмасдан, улар тўғридан тўғри 6 ой муддатга танафуссиз узайтирилишини алоҳида эътироф этиши мумкин.

Карантин даврида ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга 18 турдаги асосий озиқ-овқат ва гигиена товарлари бепул етказиб берилади, карантин даврида ривожлантириш мумкин бўлган фаолият янада қўллаб қувватланади.

Биз инсон қадриятлари ҳар нарсадан улуғ адолатлт жамиятда яшаяпмиз. Шундай экан, шу юртга муносиб бўлайлик, виждонимиз, ишонч ва сабр-тоқат билан юзага келган нохуш ҳолатларни албатта енгиб ўтамиз, эртанги фаровон ҳаётимиз учун амалга оширишимиз лозим бўлган ишлар олдинда.

 Янгиобод туман адлия бўлими

бош маслаҳатчиси                                                             

Жахонгир Абдухолиқов

05
Пандемия нималарни ўзгартирди?

Биламизки, бугунги кунда коронавирус пандемияси дунё миқёсидаги глобал муаммо сифатида қаралмоқда. Бу вирус кўп нарсани ўзгартириб юборди.

Дарҳақиқат кўп нарса ўзгарди? Борди-келди, меҳмондорчилик, маросим ва тўйлар, ошна-оғайнилар билан йиғилиш, чойхона, гап, қизғин давралар...Оила аъзолари билан сайр қилиш, вақтни завқли ўтказиш имкони йўқ ҳозир. Баъзилар катта моддий зарар кўрди. Кўпчиликнинг маиший ёки турмуш режалари бузилди. Бутун дунё худди шундай жараённи бошдан кечираётган бир пайтда давлат томонидан ахолини қўллаб-қувватлаши ва хар томонлама мадад бўлиши, синовли кунларда халққа суянч қўлини чўзаётган мутассаддилар-у, хаётини хавфга қўйиб, фидокорона меҳнат қилаётган шахслар учун улардан қанча миннатдор бўлсак кам... Шундай даврда юқорида таъкидланган ишларга замин бўлаётган давлатимиз томонидан юритилаётган сиёсат, олиб борилаётган ишларни алохида таъкидлаб ўтиш жоиздир. Хусусан, коронавирус пандемияси даврида аҳоли ва тадбиркорлар муҳофаза қилишга қаратилган бир қанча қарор, фармонлар, дастурлар қабул қилиниб амалда фуқароларни бундай синовли кунларда қўллаб-қувватлаш ишлари олиб борилмоқда.

Жумладан, 2020 йил 3 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Фармонда ахолини мухофаза қилувчи қуйидаги нормалар ўз аксини топди:

Жорий йилнинг март — июнь ойларида тўлаш муддати тугайдиган болалари бўлган оилаларга нафақа, бола парвариши бўйича нафақа ва моддий ёрдамлар тўлаш уларни тўлашни янги муддатда давом эттириш тўғрисидаги ариза ҳамда бошқа ҳужжатларни талаб қилмаган ҳолда 6 ой муддатга (бироқ бола тегишлича 2 ёшга ва 14 ёшга тўлгунидан кўп бўлмаган муддатда) танаффуссиз давом эттириш;

Ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тўлашни узайтириш билан боғлиқ харажатлар Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ҳисобидан қопланаши;

Ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексалар ва ногиронларни бепул таъминлаш учун асосий озиқ-овқат маҳсулотлари ва гигиена товарларининг рўйхати карантин тадбирлари амал қилиши даврида бир марталик ниқоблар, антисептик воситалар ва бактерияга қарши совунлар жамланмаси билан тўлдирилиши.

Шунингдек, Фармонда тадбиркорлик субъектларини мухофаза қилувчи 2020 йил 1 апрелдан 31 декабрга қадар амалда бўладиган қуйидаги нормалар ўз аксини топди:

туроператорлар, турагентлар ва туризм соҳасида меҳмонхона хизматлари (жойлаштириш хизматлари) кўрсатувчи субъектлар, «Uzbekistan Airways» АЖ ва унинг таркибий бўлинмалари, «Uzbekistan Airports» АЖ ва «Ўзаэронавигация маркази» ДУК: юридик шахслардан олинадиган ер солиғи ва юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни тўлашдан озод қилинади; ижтимоий солиқни камайтирилган ставкада 1 фоиз миқдорида тўлайди; товарларни (хизматларни) реализация қилиш айланмаси ойига 1 млрд сўмдан ошмайдиган ва электрон ҳисоб-фактураларни қўллайдиган қўшилган қиймат солиғи тўловчилар ушбу солиқни ҳар чораклик асосда ҳисоблаш ва тўлаш ҳуқуқига эга; фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонлари, яшаш учун мўлжалланмаган иншоотларга, шу жумладан 2020 йил 1 апрелга қадар аниқланганларга нисбатан мол-мулк солиғи ва ер солиғининг оширилган ставкаларини қўллаш, шунингдек, кўрсатилган солиқлар бўйича оширилган ставкаларни қўллаш натижасида юзага келган қарздорликка нисбатан пеня ҳисоблаш ва мажбурий ундириш чораларини кўриш тартиби тўхтатилади.

Карантин тадбирлари даврида ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган якка тартибдаги тадбиркорлар учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи қатъий белгиланган суммасини ва ижтимоий солиқни ҳисоблаш тўхтатилсин, бунда фаолиятни тўхтатганлик тўғрисида солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали давлат солиқ хизмати органлари хабардор қилинади ва давлат рўйхатидан ўтказилганлик тўғрисида гувоҳномани топшириш талаб этилмайди.

Ўз фаолиятини тўхтатган ва (ёки) товарлар (хизматлар) реализациясидан тушуми жорий йилнинг биринчи чорагидаги ўртача ойлик миқдорига нисбатан 50 фоиздан кўпроққа камайган микрофирма, кичик корхона ва якка тартибдаги тадбиркорларга солиқ органларини хабардор қилган ҳолда 2020 йил 1 октябрга қадар қуйидаги солиқларни фоизсиз кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) ҳуқуқи тақдим этилади:

Ø маҳаллий давлат ҳокимияти органларига ариза бермасдан туриб айланмадан олинадиган солиқ, мол-мулк солиғи, ер солиғи, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ бўйича — уларни кейинчалик 12 ой давомида тенг улушларда тўлаш шарти билан; ижтимоий солиқ бўйича — уни кейинчалик 6 ой давомида тенг улушларда тўлаш шарти билан.

2020 йил 1 апрелдан бошлаб юридик шахслар томонидан газ ва электр энергияси бўйича олдиндан ҳақ тўлаш тўғрисидаги мажбурий талаб 30 фоизгача пасайтирилади.

Тижорат банклари томонидан молиявий қийинчиликларга дуч келган юридик ва жисмоний шахслар, якка тартибдаги тадбиркорларнинг кредитлари бўйича тўловларга 2020 йил 1 октябрга қадар кечиктириш тақдим этиш; амалга киритилган карантин режими фаолиятига салбий таъсир кўрсатган қарздорларнинг муддати ўтиб кетган кредитларига гаров таъминоти бўйича жарима санкциялари ва ундирув чоралари қўлламаслик; карантин тадбирлари даврида ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган тадбиркорлик субъектлари томонидан давлат мулкидан фойдаланганлик учун ижара тўловларини ҳисоблаш ва ундириш тўхтатилади; шуни алоҳида таъкидлаш керакки, тижорат банклари томонидан кредитлар бўйича ҳисобланган ва кечиктирилган фоизлар суммаси кечиктириш тақдим этилган даврда фойда солиғини ҳисоблашда жами даромад таркибига киритилмайди.

Фармонда кўрсатиб ўтилган барча имтиёзлар ахолига ва тадбиркорлик субъектларига ушбу даврдан эсон-омон ўтиб олишимиз учун давлат томонидан берилаёиган ёрдамнинг яққол исботларидан биридир. Буларга жавоб сифати биз фуқаролар эса карантин давридан ўтиб олишимиз учун давлат томонидан берилаётган кўрсатмаларга сўзсиз амал қилишимиз хамда ўзимиз ва яқинларимизни асрашимиз керак бўлади. Уйда қолинг ва ўзингизни асранг!


Арнасой туман адлия бўлими бош маслахатчиси

Сардор Маматов

04
Прописка тизимидаги ўзгаришлар ҳақида хабардормисиз ?

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 январдаги Олий Мажлисга Мурожаатномаси ҳамда 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили»да амалга оширишга оид давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг мамлакат ҳудудида бир жойдан иккинчи жойга кўчиш борасидаги ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш кафолатларини мустаҳкамлаш мақсадида 2020 йил 22 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-5984-сонли “Доимий прописка қилиш ҳамда турган жойи бўйича ҳисобга олиш тартибини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.

Аслида прописка бўйича ислоҳотлар 2020 йилдан бошланмаганини ҳаммамиз яхши биламиз. Президентимизнинг сиёсий иродаси туфайли бу масала Ҳаракатлар стратегияси ҳамда Давлат дастурларида ўз аксини топган бўлиб, стратегик жиҳатдан қабул қилинаёган барча соҳадаги қарорлар ва ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида майдонга чиқди. 

         Бу ислоҳот мамлакатдаги мавжуд миграцион ҳолатни жадаллаштиришга қаратилгани билан янада аҳамиятлидир. Янги иш ўринлари ташкил этилиши, таълим, соғлиқни сақлаш муассасалари, турар жой ва тегишли инфратузилмаларни яратиш ва бошқа соҳаларни ривожлантириш билан чамбарчас боғлиқ жараён эканини ҳам унутмаслигимиз керак. 

         Шу ўринда Ўзбекистонда ўтган уч йилда мазкур соҳада амалга оширилган айрим ислоҳотларни айтиб ўтсак. Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 22 октябрдаги қарорига мувофиқ, вақтинча ёки доимий пропискасиз яшаб турган фуқароларни ишга қабул қилганлик, вояга етмаган шахснинг белгиланган муддатда паспорт олмагани учун маъмурий жавобгарлик бекор қилинди, шунингдек, пойтахтда доимий ёки вақтинчалик пропискасиз бўлган шахсни ишга қабул қилишни рад этиш мумкинлигини назарда тутувчи норма ҳам чиқариб ташланди. Мавсумий иш билан шуғулланиш (қурилиш, қишлоқ хўжалиги ва бошқа ишлар) учун келган фуқароларни ҳисобга қўйишнинг соддалаштирилган тартиби белгиланди. Тошкент шаҳри ва вилоятида доимий пропискага эга бўлмаган жисмоний шахслар янги қурилган кўчмас мулкни банк ҳисобварақлари орқали ҳисоб-китоб қилиш йўли билан сотиб олиши ва давлат рўйхатидан ўтказиши мумкинлигибелгиланди. 

         Шу ўринда айтиш керакки, прописка соҳасидаги ислоҳотлар коррупцияни келтириб чиқарадиган ҳолатларга барҳам беради.

           Фармонга кўра, республиканинг бошқа ҳудудларида доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган Ўзбекистон фуқаролари Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги янги қурилган уйларни сотиб олиб, уч йил ичида сотган ҳолатларда давлат божининг алоҳида ставкаларини қўллаш тартиби бекор қилинмоқда.

           Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида ҳар қандай кўчмас мулкни олишда ушбу ҳудудларда доимий рўйхатда бўлиш шартига боғлиқ қоидалар чиқариб ташланмоқда. Олдинги тартибга кўра, бошқа вилоятларда доимий пропискада бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари Тошкент шаҳри ва вилоятида фақат янги қурилган уй-жойни сотиб олиш ҳуқуқига эга эди.

           Бундан ташқари Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида яшаш жойи бўйича доимий рўйхатда туриш тартибини ички ишлар органларига бормасдан туриб, Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали амалга ошириш механизми жорий этилмоқда.      Шунингдек, аризачи ўзига қулай ва яқин бўлган ички ишлар органига бориб, шу куннинг ўзида доимий рўйхатни расмийлаштириш имконияти яратилмоқда. Ҳозирги кунга қадар фуқаролар доимий пропискани расмийлаштириш учун шу манзилга хизмат кўрсатувчи ички ишлар органига шахсан бориши ва ҳужжатларни тақдим этиши лозим эди. Шунингдек, доимий пропискани уч иш кунида расмийлаштириш белгиланган бўлиб, фуқароларга тегишли хизматлар тезкорлик билан кўрсатилмасдан келинган. 

Эндиликда тегишли идораларга бормасдан туриб, масофадан электрон тарзда ҳужжатлар топшириш ва рўйхатдан ўтиш имкониятлари кенгайтирилмоқда. 

   Фуқароларга яшаш жойи бўйича доимий рўйхатни расмийлаштиришда паспорт, уй дафтари ёки хонадон карточкасига рўйхатга олиш штампини босиш амалиётидан воз кечилмоқда ва доимий рўйхатга эга бўлиш жараёнлари рақамлаштирилмоқда. Доимий прописка фуқаронинг паспортига штам ва гербли муҳр, уй дафтари ёки хонадон карточкасига штамп босиш орқали амалга ошириб келинган, бунинг учун фуқаро уй дафтари сотиб олиши ёки хонадон карточкаси юритиши ва ўзи билан олиб юриши лозим эди.

Ўзбекистонда прописка тизимидаги муаммолар шубҳасиз барҳам топади. Сабаби биз олдимизга қўйган энг олий мақсад – юрт фуқаролари ҳуқуқларини чеклаш эмас, балки уларнинг юқори даражада мобиллиги ва эркин ҳаракатланишини таъминлаш, шу орқали аҳолининг турмуш даражаси ортишига салмоқли улуш қўшадиган омиллардан бири – урбанизация жараёнларини жадаллаштиришдир.

Зафаробод туман адлия бўлими

бош маслаҳатчиси                                                     Хабибулла Норхўжаев


03
Журналистлар ва блогерларни онлайн брифингга таклиф этамиз!

Жиззах вилоят адлия бошқармаси томонидан ОАВ вакиллари, блогерлар ва давлат ташкилотлари ахборот хизмати ходимлари учун ойда бир маротаба онлайн брифинг ташкил этилади. Янги қабул қилинган қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳиятини тезкорлик билан етказиш мақсадида мунтазам ўтказиб бориш режалаштирилаётган мазкур тадбирнинг навбатдагиси 4 июнь куни соат 10:00 да бошланади.

ZOOM программасини юклаб оласиз ва мазкур хавола https://us04web.zoom.us/j/4359873274?pwd=VHhDR3Z1SGc0UmxIWStBcnVqai9WZz09  орқали биз билан боғланасиз.

Онлайн брифинг мавзуси: Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Коронавирус пандемиясининг салбий таъсирини камайтириш учун туризм соҳасини қўллаб-қувватлашга доир кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида" ги Фармони. Брифинг эркин суҳбат ва савол-жавоб шаклида олиб борилади.

02
Бола кулгуси дунёни ''нурга тўлдиради!''

Бола кулгуси дунёни ''нурга тўлдиради!''

''1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни'' муносабати билан Жиззах вилоят адлия бошқармаси томонидан вилоят болалар шифохонасининг ''Болалар жарроҳлиги ҳамда асоратли касалликлар бўлими''да даволанаётган 25 нафар бемор болажонлар ҳолидан хабар олиниб, уларга ушбу байрам муносабати билан совға ва саломлар улашилди.

Шунингдек, шифохонанинг ушбу бўлимида, бемор болажонларнинг ҳуқуқий билимларини оширишларида ''кўмак берувчи'' ҳуқуқий бурчак ҳам ташкил этилди. 

Унда Конституциямиз, Давлатимиз рамзлари, Президентимиз ҳамда болалар ҳуқуқига оид маълумотлар содда тилда ёритилган бўлиб, бу албатта даволанаётган болажонларнинг бўш вақтларида ушбу маълумотлардан фойдаланишларида албатта асқотиши табиий.

Шунингдек, ушбу кўргазмали материаллар нусхалари шифохона йўлакларига ҳам жойлаштирилди.

Бошқарманинг Ҳуқуқий тарғибот бўлими.

https://telegra.ph/Bola-kulgusi-dunyoni-nurga-t%D1%9Eldiradi-06-01

01
Энди бизни YouTube орқали ҳам кузатинг.

Адлия бошқармаси тарғиботнинг турли кўринишларидан самарали фойдаланган холда янги қабул қилинган қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳиятини ахолига етказишда давом этади. Ахборот технологиялари шиддат билан ривожланаётган замонда инсонларнинг янгилик ва маълумотларни сифатли ва тезкор олишга бўлган талаби ҳам ортиб бормоқда. Эндиликда ҳуқуқ соҳасига оид турли керакли ва қизиқарли маълумотларни вилоят адлия бошқармаси ташаббуси билан ташкил этилган Youtube канали орқали ҳам олишингиз мумкин. Каналимизда видеолавҳалар мавзу йўналишига қараб гурухларга ажратилган. 

Бу ҳам томошабинга ўзи қизиққан маълумотни осон топишга ёрдам беради. Барча муълумотлар фуқароларимизнинг ҳуқуқий билимларини янада оширишга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир. Унутманг қонунларни яхши билган инсон бу ҳаётда албатта яхши яшайди!
Youtube каналимизга ташриф буюриш учун қуйидаги ҳаволани танланг
https://www.youtube.com/channel/UC9Kw4FR1ztbUwkHO64RTWhA/featured