Yangiliklar
Жиззах шаҳар адлия бўлимига келиб тушган фуқаролар Р.Гуламов ва М.Гуламоваларнинг Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Жиззах шаҳар бўлими қарори билан уларга тайинланган пенсия суммасининг қисқартирилганлиги ва ортиқча тўланган сумма сифатида ҳар ойда пенсияларидан ушлаб қолинаётганлигидан норози бўлиб қилган мурожаати ўрганиб чиқилди.
Аниқланишича, Жиззах вилояти молиявий назорат бошқармасининг 2019 йил 23 декабрдаги ўрганиш далолатномасига асосан эр-хотин Р.Гуламова ва М.Гуламоваларга 2012 йилда пенсияга чиқишлари арафасида тўланган мукофот пуллари иш ҳақи ҳисоблаш китобига киритилмаган
ва белгиланган тартибда суғурта бадаллари тўланмаган деган важ билан Р.Гуламовга охирги уч йилда 1 млн. 201 минг сўм, М.Гуламовага 1 млн.
665 минг сўм ортиқча пенсия тўланган деб топилиб, шунга асосан Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Жиззах шаҳар бўлими томонидан тайинланган пенсия қайта ҳисоб-китоб қилинади ва уларга тайинланган пенсия миқдори қисқаритирилиши ва ортиқча тўланган сумма қайтарилиши тўғрисида қарор чиқарилган.
Ваҳоланки, Меҳнат кодексининг 164-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикасида белгиланган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ундириш учун ходимнинг розилигидан қатъи назар, меҳнат ҳақидан ушлаб қолиш иш берувчи томонидан амалга оширилиши кўрсатилган бўлиб, ушбу қоида молиявий назорат бошқармасининг ўрганиш далолатномасида инобатга олинмаган.
Шунга кўра, адлия бўлими томонидан Р.Гуламов ва М.Гуламовалар манфаатида судга шикоят аризаси киритилиши натижасида, суд томонидан Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Жиззах шаҳар бўлимининг қарори ғайриқонуний деб топилди ва дастлабки тайинланган пенсиялар миқдори қайта тикланиб, ортиқча тўланган деб қайтарилган суммалар пенсионерларга қайта тўлаб берилиши таъминланди.
Жиззах шаҳар адлия
бўлими катта маслаҳатчиси
Мухриддин Мусурмонов
2020 йил 17 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Сенати аьзолари, депутатлар иштирокида Мирзачўл туманидаги Давлат хизматлари марказида тумандаги судьялар, адвокатлар, адлия бўлими, Халқ қабулхонаси, давлат хизматлари маркази ходимлари билан биргаликда "Суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш" масаласига доир давра суҳбати ўтказилди. Унда суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳатлар, судлар фаолиятига оид қонунлар, қонун ости меъёрий ҳужжатларига таклифлар киритиш масалаларида фикр-мулоҳазалар алмашилди.
Жиззах вилоят адлия бошқармаси
Аҳолига қабул қилинган қонун ҳужжатларининг мазмун ва моҳиятини малакали ҳуқуқшунос олимлар томонидан янада сифатли даражада етказилишини таъминлаш мақсадида, Жиззах вилоят адлия бошқармаси ҳамда Юристлар малакасини ошириш маркази профессор ўқитувчилари ҳамкорликда кўрсатувлар тайёрлаб борилишини йўлга қўйди.
Семинар е-auksion.uz (http://xn---auksion-b8g.uz/), шунингдек, e-kadastr.uz электорон автоматлаштирилган тизимларида ишлашга бағишланди.
Тадбирда мутахассислар томонидан фуқаролар ва тадбиркорларга очиқ электрон аукционларини ташкил этиш ҳамда уларда иштирок этиш бўйича тушунчалар берилди.
Семинарда иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан жавоблар олишди.
— Республика махсус комиссиясининг қарорига кўра 2020 йил 15 июндан бошлаб “яшил” ва “сариқ” ҳудудларда умумий овқатланиш объектлари фаолиятига рухсат берилди. Шу билан бир қаторда умумий овқатланиш объектлари фаолиятини ташкил этишга қўйиладиган асосий талаблар сифатида қуйидагилар белгилаб қўйилди: банкетлар ва бошқа оммавий тадбирларни ўтказишга йўл қўймаслик; фаолиятини 8:00 дан 23:00 га қадар ташкил этиш; столлар оралиғидаги 2 метрдан кам бўлмаган ижтимоий масофани таъминлаш; бир стол атрофида 4 кишидан кўп бўлмаган (10 кишидан кўп бўлмаган бир оила аъзолари бундан мустасно) мижозларни жойлаштириш; ходимларнинг тиббий ниқоб ва тиббий қўлқопда бўлиши; ҳар бир мижоздан кейин стол ва бошқа жиҳозларнинг юза қисмини дезинфекцион воситалар билан тозалаш.
Туман (шаҳар) адлия бўлимларининг ижтимоий тармоғи орқали фуқаро Қ.А.анинг ишга тиклашда амалий ёрдам беришни сўраб қилган мурожаати Дўстлик туман адлия бўлими томонидан ўрганиб чиқилди.
Ўрганиш давомида, “Жиззах сув таъминоти” МЧЖ Дўстлик туман бўлими томонидан фуқаро Қ.А. билан тузилган меҳнат шартномаси ғайри қонуний равишда бекор қилинганлиги аниқланган.
Натижада, туман адлия бўлими “Жиззах сув таъминоти” МЧЖ Дўстлик туман бўлимига қонун ҳужжатларнинг бузилиши, уларнинг сабаблари ва бунга олиб келувчи шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида тақдимнома киритиб, Қ.А.и ишга тикланиши таъминланди.
Янгиобод туман адлия бўлимига Қўшқанд қишлоғида яшовчи фуқаро Сарибоева Дилноза ариза билан мурожаат қилиб, давлат шерикчилиги асосида очилган уй боғчасини жиҳозлаш учун 2020 йил 2 февралда Халқ банки Зомин филиалига кредит олиш учун ҳужжат топширгани, шу вақтга қадар эса натижа бўлмаганини айтиб ўтган. Фуқоронинг кредит олишда амалий ёрдам сўраб қилган мурожати бўлим томонидан ўрганиб чиқилди. Кредит олиш учун барча керакли ҳужжатлар тахт эканлиги, уни ажратишда хеч қандай тўсиқ йўқлиги аниқланди. Дилноза Сарибоевага Халқ банки Зомин филиали томонидан уй боғчасини жиҳозлаш учун 25 000 000 сўм кредит маблағи олди-сотди шартномасига асосан таъминотчи фирма ҳисоб рақамига ўтказиб берилиши таъминланди.
Янгиобод туман адлия бўлими
бош маслаҳатчиси
Жахонгир Абдухолиқов
Бугун тадбиркор ва фермерлар ўз фаолиятларини эркин юритишлари учун қанча кўп тўсиқларга учраса бундан давлат ҳам шунча кўп зарар кўради. Шу сабаб уларнинг қонуний манфаатларини тиклаш, оддий қилиб айтганда меҳнати орқасидан нафақат ўз оиласи фаровонлигини таъминлаётган балки бошқаларни ҳам иш билан банд қилаётган юртдошларимизга ҳар томонлама амалий ёрдам кўрсатиш адлия органлари олдида турган энг асосий вазифалардан биридир.
Мирзачўл туман адлия бўлимига “Қаҳрамон Расул ота” фермер хўжалигининг жами 117,5 гектар ер майдонларини давлат заҳирасига қайтариш тўғрисида қонунчиликка зид равишда қарор қабул қилинганлиги юзасидан мурожаат келиб тушган. Ўрганишлар натижасида қўйидагилар аниқланди. Хусусан, Ер кодексининг 36-моддаси 1-қисми 1-банди ва “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги Қонунинг 32-моддасига асосан ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқидан ихтиёрий воз кечилганида ер участкасига бўлган ҳуқуқларнинг бекор қилиниши ҳамда фермер хўжалигининг тугатишига асос бўлади, “Қахрамон Расул ота” фермер хўжалиги рахбари шикоят аризада қайд этилган ермайдонларини туман ҳокимлиги заҳирасига қайтарилиши тўғрсида ер майдонларидан ихтиёрий воз кечмаган. Бунда, фермер хўжаликларини мақбуллаштиришдаги асосий ҳужжат ҳисобланган Ер кодексининг 24-моддаси 9-қисми, “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги Қонуннинг 33-моддаси 1-қисми ва Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 31 январдаги 22-сон қарори билан тасдиқланган “Фермер хўжалигининг ер майдонини мақбуллаштириш ва уни тугатиш тартиби тўғрисида”ги Низом талабларига эътибор қаратилмаган.
Йиғилган маълумотлар асосида Мирзачўл туман адлия бўлими томонидан туман маъмурий судига “Қахрамон Расул ота” фермер хўжалиги ер майдонини давлат заҳирасига қайтариш тўғрисидаги ҳоким қарорини бекор қилиш юзасидан киритилган даъво аризаси қаноатлантирилди. Ерга меҳр берган фермерлар унинг ҳар қаричидан унумли фойдаланишга ҳаракат қилади. Натижада бозорларимиз тўкинлиги, оилаларимиз фаровонлиги таъминланади.
Мирзачўл туман
адлия бўлими бошлиғи
Наби Қодиров
Бугун бизга ватанпарварлик, фидойилик, меҳрибонлик тушунчалари ҳар қачонгиданда зарур, ҳар кунгиданда керакли. Азал-азалдан қонимизга сингиб келган бу муқаддас ҳислатларни ҳар бир инсон ўзида номоён этмоқлигини яна бир бора исботлаш вақти келди.
Жаҳонни ларзага солган коронавирус сабабли республикамизда юзага келган эпидемологик ҳолатни ҳар бир фуқаро юракдан ҳис этмоқдами???
Ўз навбатида биз ҳам энг аввало ўзимизни, оила аъзоларимизни, қўни-қўшниларимизни, ҳар бир ватандошларимизни огоҳликка чақириб, карантиннинг барча қоидаларига қатъий амал қилишга бурчли эканлигини англатишимиз, бу балои офатга қарши биргаликда курашмоғимиз лозим.
Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан ўтказилган таҳлилларга кўра бу касалликка чалинмасликнинг 85 фоизи ўзимизга, 15 фоизи эса тиббиёт ходимларига боғлиқ экан.
Тозаликка, гигиенага тўғри, доимий амал қилиниши бу аввалло ўз соғлиғимизга, коронавирус инфекцияси юқмаслигига кафолат эканлиги ҳақида шифокорларимиз бекорга бонг уришмаяпти.
Ватандошларимизга “Уйда қолинг”, “Биз учун ўзингизни асранг”, “Ниқобсиз юрманг” деб даъват этилаётганлиги бежиз эмас. Ота-боболаримиз “Эр бошига иш тушса этик ечмай сув кечар” деб бежиз айтмаганлар. Бугун бу касаликка қарши курашиш, енгиш учун ҳаммамиз бир бўлишимиз, сабр-тоқат матонатимизни ишга солишимиз шарт.
Президентимиз ва ҳукуматимиз томонидан қабул қилинган адолатли қарорлар билан ходимларга таътил берилиб, иш ҳақи сақланган ҳолда уйда ўтиришлари, китоб ўқишлари, ойнаи жаҳон орқали мароқли кўрсатувларни томоша қилишлари, оила аъзолари билан бирга соғ-саломат бўлишларига шароитлар яратиб берилишига қарамай, баъзи инсонларнинг ношукурлик билан карантин қоидаларига бефарқлик, эътиборсизлик билан зарурат бўлмасада кўчаларда юриши, ниқоб тақишга беписандлик билан қараб, карантин қоидаларини бузиш ҳолатлари ҳам учраб турибди. Улар бу билан ўзларига ва атрофдаги барчага ушбу офат хавф солиши мумкинлигини англаб етмаяпдилар. Шуни алоҳида таъкидлашимиз керакки, мана шундай синовли вазиятда қонун-қоидаларга риоя этмаган фуқарога нисбатан тегишли тартибда жазо муқаррар эканлигини унутмайлик.
Бугун аждодларимизга хос ва мос тарзда бу эпидемиологик вазиятни тўғри баҳолаб, оғир оқибатларини тушуниб, уни барҳам топишида барчамиз бирдек ҳаракат қилайлик!
Янгиобод туман адлия бўлими
бош маслаҳатчиси
Жахонгир Абдухолиқов
Бугун давлатимиз томонидан қабул қилинаётган барча фармон ва қарорлар мазмун моҳияти асосида биргна манфаат турибди, у ҳам бўлса синовли бу кунларда фуқароларни ҳар томонлама ҳимоя қилиш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш, шунингдек барча соҳаларда енгиллик яратиб имкон даражасида кўмак беришдир.
Президентимиз томонидан 2020 йил 3 апрелда имзоланган “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармон ҳам ана шундай адолат тамойилларини ўзида акс эттирган навбатдаги муҳим норматив ҳужжат бўлди.
Ушбу Фармонга кўра, туристик ва меҳмонхона фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлар шу йил якунига қадар ер ва мол-мулк солиқларини тўлашдан озод этилади. Уларга ижтимоий солиқ ставкаси ҳозирги 12 фоиздан 1 фоизга туширилади. Ушбу имтиёздан соҳада хизмат кўрсатаётган мингдан ортиқ субъектлар фойдаланиш имкониятига эга бўлади.
Шунингдек, карантин даврида ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган якка тартибдаги тадбиркорларга даромад солиғи ва ижтимоий солиқни ҳисоблаш тўхтатилади ва бу имтиёз республикамизда фаолият юритаётган якка тартибдаги тадбиркорларга катта кўмак бўлади.
Тушуми ўтган ойдагига нисбатан камайган кичик бизнес субъектларига айланмадан олинадиган солиқ, ер солиғи, мулк солиғи, ижтимоий солиқ ва сув солиғини тўлаш муддати шу йил 1 октябрга қадар кечиктирилади.
2020 йил 1апрелдан бошлаб эса, юридик шахсларнинг табий газ ва электр энергияси учун олдиндан тўлов мажбурияти амалдаги 100 фоиздан 30 фоизга туширилди.
Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан ёрдам бериш кўлами янада кенгайтирилди. Ҳозирги кунгача тадбиркор олган кредит ставкаси 24 фоизгача бўлганда унинг 8 фоизини жамғарма қоплаб берганг бўлса, эндиликда кредит ставкаси 28 фоизгача бўлганда ҳам унинг 12 фоизини давлат қоплайди.
Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш бўйича қатор чоралар белгиланиб, шу йил якунига қадар ун, ўсимлик ёғи, гўшт ва сут маҳсулотлари, шакар, гигиена воситалари каби асосий истеъмол товарларини импорт қилишда божхона божи вқа акциз солиғи ундирилмайди. Шунингдек жорий йил март-июнь ойларида муддати тугайдиган болали оилаларга нафақа, икки ёшга тулгунга қадар бола парвариши нафақаси ва моддий ёрдамларни тўлаш учун қўшимча марожаат ва ҳужжатлар талаб этилмасдан, улар тўғридан тўғри 6 ой муддатга танафуссиз узайтирилишини алоҳида эътироф этиши мумкин.
Карантин даврида ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга 18 турдаги асосий озиқ-овқат ва гигиена товарлари бепул етказиб берилади, карантин даврида ривожлантириш мумкин бўлган фаолият янада қўллаб қувватланади.
Биз инсон қадриятлари ҳар нарсадан улуғ адолатлт жамиятда яшаяпмиз. Шундай экан, шу юртга муносиб бўлайлик, виждонимиз, ишонч ва сабр-тоқат билан юзага келган нохуш ҳолатларни албатта енгиб ўтамиз, эртанги фаровон ҳаётимиз учун амалга оширишимиз лозим бўлган ишлар олдинда.
Янгиобод туман адлия бўлими
бош маслаҳатчиси
Жахонгир Абдухолиқов